Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимлиги Саудия Арабистонининг Tamimi Energy Group компаниялар гуруҳи билан энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида Эр-Риёд шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда компаниянинг тижорат масалалари бўйича бош директори Яҳё Балҳарис иштирок этди.
Tamimi Energy Group Tamimi Holding таркибига киради. Компания энергетика, нефть-газ ва нефть-кимё саноати, электр энергетикаси, сув таъминоти ҳамда саноат инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритади.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, гуруҳ Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлардаги энергетика ҳамда саноат объектлари учун муҳандислик ечимларини амалга ошириш бўйича 50 йилдан ортиқ тажрибага эга.
Музокаралар давомида томонлар энергетика соҳасидан ташқари йўналишларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.
Хусусан, Фарғона вилоятида етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, уларни сақлаш ва қадоқлаш учун замонавий қувватларни ташкил этиш, чорвачилик соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириш, шунингдек, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳайрулло Бозоров вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳияти, инвестиция имкониятлари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув иштирокчилари Саудия компаниясининг технологик ва соҳавий тажрибасини Фарғона вилоятининг иқтисодий имкониятлари билан бирлаштириш орқали ўзаро манфаатли инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Кўриб чиқилган йўналишлар амалий лойиҳаларни кейинги босқичда ишлаб чиқиш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун асос сифатида фойдаланилиши режалаштирилган.