Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти Саудия Арабистонининг KUNZITE JEWELRY ва CHARMANT компаниялари билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришди. Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Учрашув Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоровнинг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида Эр-Риёд шаҳрида бўлиб ўтди. Музокараларда KUNZITE JEWELRY компанияси бош ижрочи директори Султон бин Муҳаммад ал-Масари ва CHARMANT раҳбари Мишъал ал-Дебеян иштирок этди.
Томонлар вилоят заргарлик саноатига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг саноат ва инвестиция салоҳияти, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Миллий заргарлик санъати анъаналарини замонавий технологиялар ва халқаро тажриба билан уйғунлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт бозорларини кенгайтириш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ва илғор ишлаб чиқариш амалиётларини жорий этиш қайд этилди.
Имзоланган меморандум Фарғона вилояти заргарлик саноатида амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни кейинги босқичда ишлаб чиқишга қаратилган.