Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 9 октябрь куни Petrocas Energy Group бошқарувчи ҳамкори Иване Накаидзе билан учрашув ўтказди.
Томонлар мамлакатда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ва замонавий ёнилғи инфратузилмасини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда халқаро автомобиль йўллари бўйлаб сифат ва хавфсизликнинг халқаро стандартларига жавоб берадиган замонавий ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда йўлбўйи сервис мажмуаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунлари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон бозорига етакчи Америка компаниялари ва илғор технологияларни жалб этишга кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.
Petrocas Energy Group Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Қора денгиз минтақасида нефть маҳсулотлари ҳамда ёнилғи логистикаси ва савдоси билан шуғулланади.
Компания, шунингдек, халқаро GULF брендининг минтақадаги эксклюзив ҳамкори ва лицензия эгаси ҳисобланади.