Иқтисод

Ўзбекистон ва Беларусь фуқароларни ишга жойлаштиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Беларусь фуқароларни ишга жойлаштиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Беларусь фуқароларни ишга жойлаштиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Беларусь фуқароларни, жумладан, Витебск вилоятида Ўзбекистон фуқароларини тартибли равишда ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдурахмонов Беларуснинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников билан учрашди.

Учрашув давомида Витебск вилояти иш берувчилари қарийб 800 нафар ишчига эҳтиёж борлигини билдиргани қайд этилди. Андижон вилоятидан тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатлари текширилганидан сўнг 204 нафар кишидан иборат рўйхат шакллантирилди.

Танловга Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан номзодларни ҳам жалб этиш режалаштирилмоқда.

Бўш иш ўринлари чорвачилик, тракторчилик, ҳайдовчилик ва ёрдамчи ишлар соҳаларида кўзда тутилган. Дастлабки босқичда номзодларнинг ҳужжатлари ва касбий кўникмалари текширилмоқда.

Якуний танлов Беларусь иш берувчилари билан онлайн суҳбатлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Учрашув давомида иш берувчилар томонидан фуқароларнинг иш жойига бориш харажатларини олдиндан қоплаш имкониятини ўрганиш ҳам таклиф этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.