Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон ва Туркия чиқиндилар соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Туркия чиқиндилар соҳасида ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ва Туркия чиқиндилар соҳасида ҳамкорлик қилади / Фото: Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия чиқиндиларни бошқариш ҳамда айланма иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Тегишли ҳамкорлик тўғрисидаги баёнотни Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) имзолади.

Ҳужжат чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик жиҳатдан барқарор шаҳарларни шакллантириш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Эришилган келишувлар доирасида томонлар Ўзбекистонда органик чиқиндиларни компостлаш бўйича пилот лойиҳаларни ишга тушириш имкониятларини кўриб чиқади.

Шунингдек, пластик идишлар ва қайта ишлашга яроқли бошқа турдаги қадоқларни қабул қилиш учун автоматлаштирилган қурилмаларни жорий этиш масаласини ўрганиш режалаштирилган.

Ҳамкорлик замонавий экологик технологияларни қўллаш, техник тажриба алмашиш ва «Ноль чиқинди» (Zero Waste) тамойилларини илгари суришни ҳам назарда тутади.

Кутилишича, ҳамкорлик экологик соҳада икки мамлакат ўртасидаги амалий алоқаларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистонда айланма иқтисодиёт тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.