Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида Буюк Британиянинг Matiq Group Ltd компанияси иштирокида қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди. Музокараларни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев компания вакиллари ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт билан ўтказди.
Томонлар қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Учрашув иштирокчилари лойиҳани амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашиб, ташаббусни янада пухта ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар.
Кутилишича, лойиҳа қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, иккиламчи хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имконини беради.
Шу билан бирга, хабарда лойиҳани амалга ошириш муддатлари, инвестициялар ҳажми ва келгусида ташкил этиладиган корхонанинг режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати аниқлаштирилмаган.