Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Озарбайжон адлия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, нотариат, қонунчилик, суд экспертизаси ва кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар Боку шаҳрида 5–6 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган UN Governance Innovation Summit: Advancing Future-Ready Institutions халқаро саммити арафасида бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев ва Озарбайжон адлия вазири ўринбосари Тоғрул Ҳусейнов иштирок этди.
Томонлар идоралар ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди. Хусусан, нотариат ва қонунчилик соҳаларида тажриба алмашиш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, суд экспертизаси, шунингдек, адлия тизими учун мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги қўшма ташаббусларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида икки мамлакат вакиллари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.