Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Centrum Air авиакомпанияси ва Польшанинг A-Quatro компанияси Хитойдан Польшага юк ҳаво ташувларини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди. Учрашув Польша ишбилармон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Музокараларда A-Quatro директори Адриан Алексин ҳамда Centrum Air компаниясининг юк ташиш бўйича тижорат директори ўринбосари, бизнесни ривожлантириш директори Мохи Шенешен иштирок этди.
Томонлар кундалик истеъмол товарлари, электроника ва кийим-кечакларни ташиш учун чартер юк рейсларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди. Хитойдаги Гуанчжоу, Чэнду ва Шэньчжэнь аэропортлари эҳтимолий жўнатиш нуқталари сифатида муҳокама қилинди.
Йўналишларнинг якуний танлови аэропортларнинг имкониятларини аниқлаш, зарур рухсатномаларни олиш ва хизмат кўрсатиш шартларини келишиб олишдан кейин амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари юкларни мультимодал ташиш схемаларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, товарларни Хитойдан Тошкентга автомобиль транспортида етказиб бериш ва кейинчалик ҳаво йўли орқали Европага жўнатиш варианти кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар ишчи материаллар алмашинувини давом эттиришга келишиб олди. Кейинги босқичда дастлабки тарифлар ва ҳамкорликнинг тижорат шартларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ҳозирча ташувларни йўлга қўйиш муддатлари, рейсларнинг тахминий частотаси ва юк ҳажмлари ҳақида маълумот берилмаган.