Иқтисод

BMB HOLDING Германия компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди

BMB HOLDING Германия компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди
BMB HOLDING Германия компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: BMB HOLDING.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — BMB HOLDING Германия компаниялари ва ишбилармон бирлашмалари вакиллари билан музокаралар ўтказиб, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашувлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Германия технологияларини жалб этиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.

Музокаралар Тошкент шаҳрида Германия-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик бюроси (DUWK Büro) кўмагида бўлиб ўтди. Унда бюро ижрочи директори Ноёбжон Ахмаджонов ва BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яҳяев иштирок этди.

Ишбилармонлик дастури доирасида саноат, машинасозлик, замонавий технологиялар, халқаро логистика, савдо, авиация ва консалтинг соҳаларида фаолият юритувчи Германиянинг қарийб ўнта компанияси ҳамда битта ишбилармон бирлашмаси вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, German Eurasian Business Association, ASTARE GmbH, JOKOBA Technologies GmbH, Hammelmann GmbH, Atlantis Zollspedition, MIYAWAKI GmbH, SKM Logistics & Trade GmbH, Life Science Consulting, Stena Line GmbH & Co. KG ва MATTHIESSEN Lager- und Recyclingtechnik GmbH вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Томонлар Германия компанияларининг ишлаб чиқариш ва технологик имкониятлари, инновацион ишланмалари ҳамда халқаро тажрибасини кўриб чиқди. Саноат ва муҳандислик технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, халқаро логистикани ривожлантириш ва авиация соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, замонавий ускуналар етказиб бериш, инновацион ечимларни қўллаш, халқаро савдо операцияларини ривожлантириш ва консалтинг хизматларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Германиялик ҳамкорларга BMB HOLDING фаолиятининг асосий йўналишлари, инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти, жорий лойиҳалари ҳамда халқаро ҳамкорликдаги устувор вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Музокаралар якунида иштирокчилар ишбилармонлик алоқаларини давом эттириш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш ва истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрларини ўрганишга келишиб олди. Келгусида томонлар ташаббусларни муҳокама қилишдан уларни амалий татбиқ этиш босқичига ўтиш имкониятларини кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.