Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — BMB HOLDING 29–31 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Испания бизнес-форуми доирасида Испания компаниялари билан қишлоқ хўжалиги ва агросаноат ишлаб чиқариши соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Тадбирда Испаниянинг 20 га яқин компанияси вакиллари иштирок этди.
Форум савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, аграр соҳага инвестициялар жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни тайёрлаш масалаларига бағишланди.
Ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ҳолати ва соҳадаги долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида минерал ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш, тупроқ унумдорлигини ошириш, уни зарарсизлантириш воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда илғор агротехнологияларни жорий этиш қайд этилди.
Форумда BMB HOLDING номидан департамент директори Бобир Яҳёев иштирок этди. У Agro-Industrial Group, Industrias David S.L.U., Pol. Ind. Los Palomares, Viveros Veron, PSB Produccion Vegetal, Agromillora Fidan Uretim ve Paz Ltd. ва Armando Alvarez Group компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Шунингдек, Москва ва Тошкентда фаолият юритувчи Испания элчихонасининг Иқтисодий ва савдо бўлими савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Хесус Варела билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар Испания компанияларининг фаолият йўналишлари, ишлаб чиқариш тажрибаси ва қўлланилаётган технологияларини, шунингдек, Ўзбекистон бозорига кириш ва ҳамкорликда ишлаш имкониятларини муҳокама қилди. Испаниялик ишбилармонларга BMB HOLDING фаолияти, холдингнинг инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда истиқболли лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Музокараларнинг асосий мавзулари қишлоқ хўжалиги техникаси, замонавий агротехнологиялар, кўчатчилик, ўсимликшунослик ва агросаноат ишлаб чиқариши бўлди. Иштирокчилар хорижий технологияларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш ва қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Аниқ келишувлар, инвестициялар ҳажми ва лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.