Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятида 2026 йил 28–30 октябрь кунлари зилзила оқибатларини бартараф этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилди.
Тадбирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар иштирок этди.
Ўқув машқлари давомида кучли зилзила содир бўлган тақдирда идораларнинг ҳаракатлари, жумладан, жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда масъул тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси мутахассислари фавқулодда вазият ҳудудида санитария хавфсизлигини таъминлаш чораларини амалда синаб кўрди.
Жумладан, ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, вақтинча жойлаштириш пунктларида санитария-гигиена талабларига риоя этиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва зарурат туғилганда дезинфекция ишларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Қўмитанинг ахборот хизмати маълумотига кўра, бундай тадбирлар тегишли идораларнинг санитария-эпидемиологик таҳдидларга тайёргарлигини ошириш ва фавқулодда вазиятларда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.