Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистон вакиллари ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳудудда ер ва сув ресурсларини бошқариш соҳасида истиқболли қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Музокаралар ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон делегациясига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Ташқи беғараз ёрдамни (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш маркази директори Камалатдин Идирисов раҳбарлик қилди.
Учрашувда, шунингдек, ФАОнинг Ер ва сув ресурслари департаменти геомакон маълумотлари бўлими раҳбари Ливия Пейзер ҳамда ер ресурслари бўйича етакчи мутахассис Ферас Зиадат иштирок этди.
Томонлар Қорақалпоғистонда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқаришни таъминлаш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳа таклифларини кўриб чиқди.
Музокаралар якунида ушбу йўналишларда қўшма грант ташаббусларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳаларнинг муддатлари ва молиялаштириш ҳажмларини ўз ичига олган тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаган.