Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги FIA Осиё-Тинч океани минтақаси автоспорт чемпионатида жамоавий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик спортчилар тўртта олтин ва иккита кумуш медални қўлга киритди. Мусобақалар 23–25 октябрь кунлари Таиланддаги Bira Circuit автодромида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий автомобиль ва мотоцикл федерацияси (UZMAMF) хабар берди.
Ўзбекистон ушбу чемпионат тарихида илк бор жамоавий ҳисобда иккинчи ўринга кўтарилди. Ўзбекистонлик спортчилар картинг-слалом йўналишида айниқса муваффақиятли иштирок этди.
2023 йилда Малайзияда ўтказилган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси мамлакат учун ушбу мусобақадаги илк кумуш медални қўлга киритиб, жамоавий ҳисобда 11-ўринни эгаллаган эди. 2025 йилда Шри-Ланкада бўлиб ўтган мусобақада эса ўзбекистонлик спортчилар иккита бронза медалига сазовор бўлиб, турнирни 12-ўринда якунлаган.
UZMAMF 2019 йил декабрь ойидан буён Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) аъзоси ҳисобланади. Федерация маълумотларига кўра, FIA билан ҳамкорлик халқаро стандартларни жорий этиш, спортчилар ва мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ўзбекистонлик пилотларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини кенгайтириш имконини беради.