Технологиялар

Ойбек Турсунов Perfectum кўчмас мулки ва активларини 98,4 млрд сўмга сотиб олади

Ойбек Турсунов Perfectum кўчмас мулки ва активларини 98,4 млрд сўмга сотиб олади
Ойбек Турсунов Perfectum кўчмас мулки ва активларини 98,4 млрд сўмга сотиб олади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ойбек Турсунов Тошкентдаги Perfectum алоқа операторининг бош офиси жойлашган кўчмас мулк мажмуасини, шунингдек, компаниянинг 2 012 та асосий воситасини сотиб олади. Қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, битимнинг умумий қиймати 98,374 млрд сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот портали материалларида маълум қилинган.

Битим Perfectum операторига эгалик қилувчи Rubicon Wireless Communication акциядорлари томонидан маъқулланган. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши 16 октябрь куни бўлиб ўтган.

Битим доирасида қандай активлар сотилади?

Кўчмас мулк Тошкент шаҳри Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уй манзилида жойлашган. Мажмуа қиймати 65,968 млрд сўмга баҳоланган.

Мажмуа умумий майдони 10 479 квадрат метр бўлган тўртта бинодан иборат. Улар 7 283 квадрат метр майдонга эга ер участкасида жойлашган.

Кўчмас мулкдан ташқари, харидорга компаниянинг 2 012 та асосий воситаси ҳам топширилади. Уларнинг қиймати 32,406 млрд сўмни ташкил этади.

VEON компаниясининг Perfectum’ни сотиб олиш режалари

Аввалроқ халқаро телекоммуникация гуруҳи VEON Perfectum’ни 207 млн АҚШ долларига сотиб олиш ниятида экани хабар қилинган эди. Кейинчалик Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ушбу битимни маъқуллаган.

VEON баҳолашига кўра, операторнинг сотиб олиниши Beeline Uzbekistan’нинг частота ресурсларини тахминан 50 фоизга ошириш, тармоқ қамровини кенгайтириш ва бешинчи авлод мобил алоқа инфратузилмасини ривожлантиришни тезлаштириш имконини беради.

Perfectum активлари 850 ва 3800 МГц диапазонларидаги 115 МГц частота спектрини, шунингдек, Nokia ускуналари асосида қурилган 5G Standalone тармоғини ўз ичига олган телекоммуникация инфратузилмасини қамраб олади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.