Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 22 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги бўлинмаси жойлашган Миллатлар саройида “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов маъруза қилди.
Анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ бўлинмаси ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий мероси бўйича БМТда махсус тақдимот ўтказиш ташаббуси ижроси доирасида ташкил этилди.
Анжуманнинг асосий мақсади халқаро ҳамжамиятни Мовароуннаҳрнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан таништириш, ўзбек халқининг маънавий ва илмий меросини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, илм-фан, таълим, маданият соҳаларида ҳамда маърифат ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш борасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Конференцияда дипломатик корпус, халқаро илмий ва экспертлар ҳамжамияти, Ўзбекистоннинг давлат ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирок этди.
Очилиш маросимида БМТнинг Женевадаги бўлими Бош директори Татьяна Валовая, Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили Элдиёр Тошматов, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Акмал Саидов ўз нутқида Ўзбекистон қадимий давлатчилик, бой ҳуқуқий маданият ва кўп асрлик илмий анъаналарга эга мамлакат эканини таъкидлади. Бунга маънавий ва ҳуқуқий маданиятнинг қадимий ёдгорлиги бўлмиш «Авесто», суғд ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, ислом цивилизациясининг буюк мероси яққол далолат беради.
Мовароуннаҳрда шаклланган қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги — фиқҳ, илоҳиёт ва тасаввуф илмий мактабларига алоҳида эътибор қаратилди. Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг жаҳон диний-фалсафий тафаккури ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси эътироф этилди.
Минтақанинг илмий мероси алгебра, тиббиёт, астрономия, география, геодезия ва бошқа табиий фанлар соҳасидаги улкан ютуқларни ҳам қамраб олгани таъкидланди. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номлари жаҳон илм-фани тарихида алоҳида ўрин тутади.
Нутқда Ўзбекистоннинг энг муҳим тарихий қадриятларидан бири бўлган бағрикенглик мавзусига алоҳида ўрин ажратилди. Асрлар давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди турли халқлар, динлар, тиллар ва маданиятлар туташган макон бўлиб келгани қайд этилди.
Миллатлараро, динлараро, тиллараро ва маданиятлараро бағрикенглик мамлакат тарихий меросининг ажралмас қисми бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос рамзларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО томонидан 1995 йил 16 ноябрда қабул қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларацияси, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг бағрикенглик тамойилларини янада қарор топтиришга қаратилган 1996 йил 12 декабрдаги резолюциясининг долзарблиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2017 йилда давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилишни таклиф этган бўлиб, у 2018 йил декабрь ойида бир овоздан маъқулланди.
Шунингдек, Акмал Саидов маданий мерос, маърифат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси ўзаро чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. Таълим олиш ҳуқуқи, фикр, виждон ва дин эркинлиги, маданий ҳаётда иштирок этиш ҳамда илмий тараққиёт ютуқларидан фойдаланиш инсон қадр-қиммати ва жамият барқарор ривожланишининг энг муҳим таркибий қисмларидир.
Мовароуннаҳрнинг буюк мутафаккирлари меросини асраб-авайлаш жараёни ёш авлоднинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда диний ва маданий хилма-хилликка ҳурмат руҳини шакллантириш билан уйғун ҳолда олиб борилиши лозим.
Конференциянинг илмий дастури доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Марказий Осиё алломаларининг илмий кашфиётлари ва Ислом цивилизацияси марказининг халқаро миссияси ҳақида маъруза қилди. Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси меросининг умумбашарий аҳамиятини ёритиб берди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Янги Ўзбекистонда маърифат ва бағрикенглик масалалари юзасидан сўзга чиқди. Германия вакили Кетлин Гёбел эса ислом цивилизациясининг маънавий ва адабий анъаналари ҳақида маъруза тақдим этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг чиқиши Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг илмий меросига бағишланди. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов буюк мутафаккир меросида бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларининг аҳамиятига тўхталди.
Ислом цивилизацияси ва Мовароуннаҳрнинг буюк алломалари меросига бағишланган кўргазма тадбирнинг муҳим қисмига айланди. Экспозицияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига оид материаллар, қадимий қўлёзмалар нусхалари, илмий нашрлар, миниатюралар ҳамда минтақанинг бой илм-фан ва маданият тарихини акс эттирувчи бошқа нодир манбалар намойиш этилди.
Иштирокчиларга, шунингдек, янги авлод музейи сифатидаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда буюк мутафаккирларнинг илмий-маънавий меросига бағишланган мавзули видеоматериаллар тақдим этилди.
Конференция якунида илмий тадқиқотлар, маданий меросни асраш, таълим ва цивилизациялараро мулоқот соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Женевада халқаро конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистон Президентининг мамлакат маънавий ва илмий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди.
Академик Акмал Саидовнинг ушбу тадбирдаги иштироки маърифатпарварлик, ҳуқуқий маданият ва бағрикенглик анъаналарининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонун устуворлиги ҳамда инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби замонавий тамойиллар билан тарихий узвий боғлиқлигини алоҳида кўрсатиб бериш учун қулай имконият туғдирди.