Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланиши сари» халқаро саммитига бағишланган IMKON марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, саммитда иштирок этаётган мамлакатларнинг биринчи хонimлари ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.
Марказ Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига киради. Муассасада мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Болалар учун дастурларни ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, ота-оналар болалар эгаллаган кўникмаларни уй шароитида мустаҳкамлаш учун мутахассислардан тавсиялар олишлари мумкин бўлади.
Марказнинг мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳни ўз ичига олади.
Амбулатория бўлими эса ҳар ойда 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган қарийб 100 нафар болани реабилитация курсларига қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Марказда даволаш жисмоний тарбияси, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция, физиотерапия ва бошқа муолажалар йўлга қўйилади. Бу ерда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог-педагоглар, логопедлар, психологлар, реабилитация мутахассислари ва бошқа ходимлар фаолият юритади.
Самарқанддаги марказ IMKON муассасалари тармоғининг бир қисмига айланди. Ушбу тармоқнинг марказлари Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшонда ҳам фаолият кўрсатмоқда.
2025 йилда тармоқ муассасаларида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилган. Амбулатор реабилитация курсларидан эса 3 777 нафар бола ўтган.
Марказлар тармоғини кенгайтириш ишлари давом этмоқда. Фарғонада ҳам шундай марказ қурилиши бошланган. Наманган ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида яна иккита муассаса қуриш режалаштирилган.