Спорт

Ўзбекистон ва Португалия футзал бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишди

Ўзбекистон ва Португалия футзал бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишди
Ўзбекистон ва Португалия футзал бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишди / Фото: Ўзбекистон футзал федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Португалия футзал соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бунда мураббийларни тайёрлаш, тажриба алмашиш ва миллий терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Келишувларга Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқуловнинг Португалия футбол федерацияси аппарати раҳбари Карлос Нету ва федерация ҳузуридаги футзал мураббийларининг малакасини ошириш маркази раҳбари Педру Диаш билан учрашуви давомида эришилди. Бекзод Маматқулов Португалияда ишчи ташриф билан бўлиб турибди.

Томонлар икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, профессионал тажриба алмашиш ва Португалия футзалидаги илғор методикаларни Ўзбекистонда жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида португалиялик тажрибали мутахассислар иштирокида ўзбекистонлик мураббийлар учун семинарлар, тренинглар ва ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоалари мураббийларининг Португалияда малака ошириши ва амалий тажриба ўташи учун имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш бўйича мунтазам дастурларни йўлга қўйишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари, томонлар келгусида Ўзбекистон ва Португалиянинг миллий, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари ўртасида футзал бўйича ўртоқлик учрашувларини мунтазам ташкил этишни режалаштирмоқда.

Эришилган келишувлар мутахассисларни профессионал тайёрлашни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.