Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Испания миллий футзал терма жамоалари ўртасида 2027 йилда ўртоқлик учрашувини ташкил этиш, шунингдек, мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу масалалар 21 октябрь куни Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқуловнинг Испанияга ишчи сафари давомида Қироллик Испания футбол федерацияси вакиллари билан бўлиб ўтган музокараларда муҳокама қилинди.
Музокараларда Испания федерациясининг футзал департаменти раҳбари Пако Седано, Испания миллий терма жамоасининг собиқ дарвозабони ва испан жамоасининг бош мураббийи Феде Видаль ҳамда бошқа расмий шахслар иштирок этди. Улар Ўзбекистон делегациясини мамлакатнинг футбол ва футзал инфратузилмаси, мутахассислар фаолияти ҳамда спортчиларни тайёрлаш шароитлари билан таништирди.
Эришилган келишувлардан бири Ўзбекистон миллий терма жамоалари мураббийларининг малакасини ошириш ва Испанияда амалиёт ўташлари учун имкониятлар яратишдан иборат бўлди. Томонлар, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ва федерациялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хосе Мария Мендес Пульпис ҳам иштирок этди. Айни пайтда у Испанияда даволанмоқда.
Эришилган келишувлар ўзбекистонлик мутахассисларга испанча ўйинчиларни тайёрлаш тажрибасини ўзлаштиришга ёрдам бериши ва мамлакатда футзал ривожига ҳисса қўшиши кутилмоқда.