Спорт

Ўзбекистон ва «Бенфика» футзал академиясини ташкил этишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва «Бенфика» футзал академиясини ташкил этишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон ва «Бенфика» футзал академиясини ташкил этишни режалаштирмоқда / Фото: Ўзбекистон Футзал федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футзал федерацияси ва Португалиянинг «Бенфика» клуби мамлакатда футзал академиясини ташкил этиш ҳамда ёш ўйинчиларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Португалияга ишчи ташрифи доирасида Лиссабон клубининг бош қароргоҳида бўлиб, унинг вице-президенти Томаш Баррозу билан учрашди.

Томонлар икки мамлакат футзал клублари ўртасидаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Жумладан, тажриба алмашиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ва ўзбекистонлик мураббийларнинг Европа клубларида малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистонда замонавий футзал академиясини ташкил этиш бўлди. Академияни йўлга қўйишда «Бенфика» клуби тажрибаси ва Португалиядаги ўйинчиларни тайёрлаш тизимидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бунда ёш иқтидорларни аниқлаш, саралаш ва уларни келгусида профессионал даражада ўйнашга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа ёш футзалчиларни тизимли тайёрлаш, мураббийлик методикаларини такомиллаштириш ва ўйинчиларни ўқитишда Европа тажрибасини ҳисобга олган ҳолда замонавий ёндашувларни жорий этишни назарда тутади.

Музокаралар давомида томонлар «Бенфика» мутахассисларининг Ўзбекистонга жавоб ташрифини ташкил этишга ҳам келишиб олди.

Ташриф давомида истиқболли ёш спортчиларни саралаш, уларнинг ўйин маҳоратини ошириш ва Португалия клубларида амалий тажриба орттириш имкониятларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Кутилишича, ҳамкорлик Ўзбекистон ва Португалия ўртасида профессионал тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда ёш футзалчиларни тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.