Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри ва Oppenheimer & Co. инвестиция-банк компанияси ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш ва шаҳар лойиҳаларини молиялаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Ҳужжат Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг Oppenheimer & Co. компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги инвестиция-банк йўналиши бўйича бош ижрочи директори Макс Лами билан учрашуви якунлари бўйича имзоланди.
Томонлар Тошкентнинг халқаро капитал бозорларига чиқиш истиқболларини, жумладан, муниципал облигациялар чиқариш имкониятини муҳокама қилди. Шунингдек, йирик инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш механизмлари кўриб чиқилди.
Учрашув иштирокчилари давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, халқаро молиявий воситаларни қўллаш ва шаҳар молиясини бошқариш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Келишув халқаро молия институтлари ва инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўлиши, шунингдек, Тошкентда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини жалб қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.