7
Ўзбекистон

Ўзбекистон транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ривожлантирмоқда

Ўзбекистон транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ривожлантирмоқда
Ўзбекистон транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ривожлантирмоқда / Фото: Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон транспорт-логистика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Бу масалалар Европа таълим жамғармаси (ETF) томонидан ташкил этилган ва Европа Иттифоқи кўмагида Ашхободда бўлиб ўтган DARYA лойиҳасининг юқори даражадаги гуруҳи бешинчи йиғилишида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегациясига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муратов раҳбарлик қилди.

Йиғилиш иштирокчилари миллий малака тизимларини ривожлантириш, касбий стандартларни жорий этиш ҳамда Code 95 тизими бўйича сертификатлаш соҳасида Литва билан ҳамкорлик қилиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, кун тартибидан «яшил» кўникмаларни шакллантириш ва электр транспорти соҳасида тажриба алмашиш масалалари ҳам ўрин олди.

Транспорт-логистика сектори учун мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида малака сертификатларини ўзаро тан олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу йўналишлар касбий таълим сифатини ошириш ва мутахассисларнинг ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда.

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган минтақавий «йўл харитаси»ни келишиб олдилар. Ҳужжат касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва транспорт тармоғи учун кадрлар тайёрлашга кўмаклашишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.