Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян 17–18 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Шундан сўнг у Тожикистон ва Россияга йўл олиб, кўп томонлама ва икки томонлама учрашувларда иштирок этади. Бу ҳақда «Синьхуа» агентлиги Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакилига таяниб хабар берди.
Ли Цяннинг Ўзбекистонга ташрифи Бош вазир Абдулла Ариповнинг таклифига биноан амалга оширилади.
18–20 октябрь кунлари Хитой ҳукумати раҳбари Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлади. У ерда Ли Цян Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 25-йиғилишида иштирок этади.
20–22 октябрь кунлари Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг таклифига биноан Россияга ташриф буюради. Ташрифнинг асосий тадбири Хитой ва Россия ҳукумат раҳбарларининг 31-навбатдаги мунтазам учрашуви бўлади.