Ўзбекистон

Ўзбекистонда 106 та реклама материали эскизидаги камчиликлар бартараф этилди

Ўзбекистонда 106 та реклама материали эскизидаги камчиликлар бартараф этилди
Ўзбекистонда 106 та реклама материали эскизидаги камчиликлар бартараф этилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази томонидан 2026 йил август ойига қадар 106 га яқин реклама материаллари эскизи кўриб чиқилди.

Кўриб чиқиш натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Шундан сўнг талабларга мувофиқлаштирилган материаллар бўйича тегишли хулосалар берилди.

Мазкур ишлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 702-сон қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Ҳужжатга кўра, Марказ зиммасига реклама бозори субъектларини эҳтимолий ҳуқуқбузарликлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш ва профилактика ишлари самарадорлигини ошириш вазифалари юклатилган.

Марказ шартнома асосида реклама материалларининг ғояси, мавзуси ва эскизларини уларнинг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади ҳамда тегишли хулосалар беради.

Келиб тушган мурожаатларнинг умумий сонидан 55 га яқини тижорат банкларининг реклама материалларига тааллуқли бўлган.

Банкларнинг реклама эскизларини кўриб чиқиш жараёнида айрим материалларда молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича шартномаларнинг муҳим шартлари очиб берилмагани аниқланган.

Жумладан, кредит ва депозит хизматларини кўрсатиш муддатлари, тўлиқ фоиз ставкаси, суммалар ва бошқа муҳим шартлар ҳақида маълумотлар мавжуд бўлмаган.

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 43-моддасига мувофиқ, молиявий хизматлар рекламасида уларни кўрсатиш бўйича шартномаларнинг муҳим шартлари очиб берилиши лозим.

Марказда таъкидланганидек, бундай маълумотларнинг тўлиқ акс эттирилмаслиги истеъмолчиларда молиявий хизматлар шартлари ҳақида нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган тасаввур шаклланишига ва тегишли хизматни танлаш жараёнида уларнинг чалғишига олиб келиши мумкин.

Аниқланган камчиликлар муносабати билан тижорат банкларига реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Шундан сўнг реклама материаллари эскизларидаги камчиликлар бартараф этилди.

Марказ реклама қонунчилигининг амалдаги талабларига мувофиқлиги бўйича тегишли хулосалар чиқарди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.