Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япония Иммиграция хизматлари агентлиги яқин кунларда Японияда ноқонуний равишда бўлиб турган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини Ўзбекистонга депортация қилди.
Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2026 йил 6 октябрда тарқатган пресс-релизда маълум қилинди. Пресс-релиз сарлавҳасида депортация давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилгани қайд этилган.
Элчихона маълумотига кўра, ҳар икки фуқаро Японияга талабалар визаси билан кирган, унинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг мамлакатда қолган ва кейинчалик ҳокимият органлари томонидан қўлга олинган.
Элчихона талабалар визаси таълим олиш учун берилишини ва у пул ишлаш ҳуқуқини бермаслигини эслатди.
Ноқонуний қолиш ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳолати аниқланган шахсларга нисбатан қатъий чоралар қўлланади: полиция томонидан ушлаш ва ҳибсга олиш, иммиграция марказига жойлаштириш ҳамда депортация.
Япония ҳукумати қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этади. Шу сабабли уларга нисбатан чоралар ватанга қайтганидан кейин ҳам қўлланилиши мумкин, дейилади хабарда. Элчихона фуқароларни ниҳоятда эҳтиёткор бўлишга ва «Японияда ишлаш мумкин» каби таклифларга ишонмасликка чақирди.
Элчихона, шунингдек, кенг тарқалган нотўғри тушунчага эътибор қаратди: гўёки қочқин мақомини олиш учун ариза бериш мамлакатда «узоқ вақт қолиш» ёки «ишлаш» имконини беради. Бундай мақсадда ариза беришга йўл қўйилмайди.
Агар қочқин мақоми бериш рад этилса, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин.
Элчихона огоҳлантиришича, ариза бериш жараёнида ёлғон маълумотлар тақдим этиш ёки фирибгарлик усулларидан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.