Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Беларусь озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария назорати соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Қўмита раиси Азизбек Урунов Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 965 миллион долларни ташкил этди. Томонлар 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Учрашувда Беларусь корхоналарини Ўзбекистон реестрига киритиш, тақдим этилган аризаларни кўриб чиқиш, шунингдек, ишлаб чиқариш объектларида аудит ва инспекцияларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, иштирокчилар озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария, ветеринария ва фитосанитария назорати соҳаларида ўзаро эксперт миссияларини ўтказиш масалаларини муҳокама қилди. Таклифлар орасида тажриба алмашиш ва қўшма тадбирларни ташкил этиш ҳам бор.
Бундан ташқари, томонлар электрон фитосанитария сертификатларини ўзаро тан олиш ва қоғоз ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечиш имкониятини кўриб чиқди. Уларнинг баҳолашича, бу савдо жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида келишилган йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттириш, қўшма тадбирлар режасини тайёрлаш ва электрон сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.