Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 100 ва ундан ортиқ киши иштирок этадиган оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш хизматлари учун ҳақ тўлаш тартибини жорий этишни таклиф қилди. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатда тадбирларни ўтказиш учун электрон рухсатномалар бериш, қўриқлаш хизматлари ҳақини тўлаш ҳамда чипталарни электрон тизимлар орқали сотиш тартиби назарда тутилган. Унинг мақсади фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек, эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олишдан иборат.
Оммавий тадбирлар қаторига 100 нафардан кам бўлмаган киши иштирок этадиган ижтимоий-сиёсий, маърифий, диний, маданий, кўнгилочар, спорт, байрам ва тижорат-реклама тадбирларини киритиш таклиф этилмоқда.
Бунда янги қоидалар йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар, шунингдек, тўйлар, оилавий ва юбилей тантаналарига татбиқ этилмайди.
Рухсатномаларни расмийлаштириш учун ИИВ E-Jamoat Xavfsizligi тизимида e-ommaviy tadbir электрон модулини яратишни режалаштирмоқда. Тегишли рухсатномасиз ташкилотчиларга тадбирни оммавий ахборот воситалари ва интернетда реклама қилиш, шунингдек, унга чипталар сотиш тақиқланади.
Қоида тариқасида, рухсатнома битта тадбир учун берилади. Бироқ бир жойда мунтазам ўтказиладиган концертлар, театр спектакллари ва цирк томошаларининг ташкилотчилари бир йилгача муддатга рухсатнома олишлари мумкин бўлади.
Махсус реестрга киритилган объектлардаги тадбирлар, кўчма цирклар томошалари ва сайловолди тадбирларини ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди. Бунинг ўрнига ташкилотчилар тадбир бошланишидан камида 10 иш куни олдин ваколатли органни хабардор қилиши керак бўлади.
Хавфсизлик хизматлари учун тўлов
Лойиҳага мувофиқ, оммавий тадбирларни қўриқлаш хизматлари ҳақ эвазига ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан кўрсатилади.
Тадбирларни учта тоифага ажратиш таклиф этилмоқда. Алоҳида тоифага Президент, Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ўтказиладиган республика ва халқаро миқёсдаги тадбирлар киритилади.
Биринчи тоифани алоҳида тоифага кирмайдиган Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ўтказиладиган тадбирлар ташкил этади. Иккинчи тоифага эса қолган барча тадбирлар киритилади.
Биринчи тоифадаги тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш учун Миллий гвардия, иккинчи тоифадаги тадбирлар учун эса ички ишлар органларини жалб қилиш режалаштирилган. Хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тадбир бошланишидан камида 10 иш куни олдин тузилиши керак бўлади.
Қўриқлаш хизмати нархи жалб қилинган ходимлар сони ва тадбир давомийлигига боғлиқ бўлади.
Лойиҳада бир киши-соат хизмати нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи, яъни 30 800 сўм этиб белгиланмоқда. Умумий қиймат ходимлар сони, қўриқлаш давомийлиги ва бир киши-соат қийматининг камида 50 фоизини ташкил этувчи тарифдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Алоҳида тоифадаги тадбирлар, сайловолди тадбирлари ва кўчма цирк томошаларини қўриқлаш бепул амалга оширилади.
Электрон чипталар ва хавфсизлик назорати
Лойиҳада спорт мусобақалари, маданий ва кўнгилочар тадбирларга чипталарни электрон шаклда сотиш ҳам назарда тутилган. Тизим чипталарни қайта сотиш, қалбакилаштириш ва улардан такроран фойдаланишнинг олдини олиши керак.
Одамлар оқимини кузатиш ва бошқариш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Улар ёрдамида иштирокчилар сонини ҳисоблаш, майдонларнинг ортиқча тўлиб кетишини аниқлаш ва эҳтимолий хавфлар ҳақида огоҳлантириш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, ваколатли органлар ҳузуридаги махсус комиссиялар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган майдонлардаги хавфсизлик шароитларини текширади. Комиссиялар аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси 20 ноябрга қадар давом этади.