Ўзбекистон

Қаршида 25 минг аҳоли учун дам олиш ҳудудлари ташкил этилади

Қаршида 25 минг аҳоли учун дам олиш ҳудудлари ташкил этилади
Қаршида 25 минг аҳоли учун дам олиш ҳудудлари ташкил этилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қарши шаҳрида «Чап тармоқ» каналини бетонлаштириш ва унинг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш режалаштирилган. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси учун жамоат жойларини ташкил этишни назарда тутади.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари билан танишди.

Тақдим этилган режаларга кўра, лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1,4 минг гектар ер майдони сув билан таъминланади. Шунингдек, канал бўйлаб кеча-кундуз фойдаланиш мумкин бўлган дам олиш ҳудудлари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилади.

Янги инфратузилма қўшни тўртта маҳаллада истиқомат қилувчи қарийб 25 минг нафар аҳолига хизмат қилади.

Саида Мирзиёева амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий натижаси аҳоли кундалик ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлиши кераклигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.