Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — видеодан кадрСамарқанд вилоятида 20 кг 239 грамм экстракцион опий контрабандасининг олди олинди. Гиёҳвандлик моддаси Иштихон туманидаги уйда аниқланган. Уйда Форс кўрфази минтақасидаги мамлакатлардан бирининг 1971 йилда туғилган фуқароси вақтинча яшаб келган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, хорижлик фуқаро шахси аниқланаётган қўшни республика фуқароси билан тил бириктириб, ўзи бошқарган Renault русумли юк автомобилида гиёҳвандлик моддасини чет элдан Ўзбекистонга олиб кирган.
Гиёҳвандлик моддаси юк автомобилидаги яширин жойга ва иккита аккумулятор ичига беркитилган.
Гиёҳвандлик моддаси ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланган.
Улар божхона ва ички ишлар органларининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда хорижлик фуқаро яшаган уйни кўздан кечириб, моддани белгиланган процессуал тартибда мусодара қилган.
Хорижий фуқаро ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов доирасида ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.