Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар орасида, шунингдек, мактаблар ва болалар боғчалари ҳудудларида кўп ярусли кичик ўрмон зоналарини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундай ҳудудларни барпо этиш тўғрисидаги қарор пойтахт ҳокими Шавкат Умурзoқов томонидан 19 октябрь куни қабул қилинди. Ҳужжатда, шунингдек, яшил ҳудудлар учун ажратилган ерлардан фойдаланишни чеклаш, туманларни кўкаламзорлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва дарахтларни рақамли ҳисобга олиш тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Микроўрмонлар, асосан, кўкаламзорлаштириш учун бўш ер майдонлари етарли бўлмаган жойларда ташкил этилади. Майдони 200 квадрат метрдан 1 000 квадрат метргача бўлган ҳудудларда зич ва кўп ярусли кўчат экиш режалаштирилган. Бунда ҳар бир квадрат метрга камида иккитадан дарахт ва бута кўчати экилади.
Агар ерни яшил ҳудуд сифатида ажратиш имкони бўлмаса ёки майдон асфальт ёхуд бетон билан қопланган бўлса, кўчатларни тўғридан-тўғри тупроққа экиш ўрнига, дарахт ва буталар учун катта ҳажмли контейнерлардан фойдаланган ҳолда кичик жамоат боғлари ташкил этилади.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича масъулият шаҳар тузилмалари ўртасида тақсимланади. Туман ҳокимликлари ва ҳомийлар контейнерларни ўрнатишни таъминлаши, Ўрмон хўжалиги агентлиги сифатли кўчат етказиб бериши, маҳаллалар эса аҳоли иштирокида ўсимликларни экиш ва уларни кейинчалик парвариш қилишни ташкил этиши керак. Шунингдек, ҳар бир боғда суғориш, контейнерларнинг сақланиши ва яшил ўсимликларни парвариш қилиш учун масъул шахслар белгиланади.
Яшил ҳудудлар қурилишдан ҳимоя қилинади
Қарорга кўра, яшил боғлар учун ажратилган ер участкаларидан фақат шу мақсадда фойдаланишга рухсат берилади. Уларни жисмоний ва юридик шахслар мулкига ўтказиш, қурилиш ишларини олиб бориш, иншоотлар жойлаштириш ёки бошқа фаолият турлари учун ишлатиш тақиқланади. Шунингдек, аҳолининг ушбу ҳудудларга киришини чеклашга йўл қўйилмайди.
Фуқаролар ва ташкилотлар ташаббуси билан барпо этилган яшил боғлар хатловдан ўтказилиб, кейинчалик уларнинг рўйхати шакллантирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб «Яшил лот» тизими доирасида фуқаролар ва компанияларга яшил боғлар ташкил этиш учун ер участкаларини шартнома асосида тақдим этиш назарда тутилган. Туман ҳокимликлари кадастр ва экология органлари билан биргаликда мос ер майдонлари бўйича таклифлар тайёрлайди, эълонлар жойлаштирилишини ҳамда шартномалар тузилишини ташкил этади.
Туманларда кўкаламзорлаштириш дастурлари ишлаб чиқилади
2026 йил 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида туманларнинг «яшил дастурлари» ишлаб чиқилиши керак. 2027 йилдан бошлаб эса уларни ҳар йили 1 мартга қадар тайёрлаш режалаштирилган.
Дастурларда яшил боғлар барпо этиш, сояли сайр кўчалари ва кўллар ташкил қилиш, ёмғир, эриган қор ҳамда оқова сувлардан фойдаланган ҳолда суғориш тизимларини ривожлантириш, шунингдек, дарахтларни парваришлаш ва чиқиндиларни йиғиш пунктларини ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар назарда тутилиши лозим.
Ҳар бир лойиҳа учун молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари, масъул ижрочилар ва кутилаётган натижалар белгиланади. Дастурлар халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Янгихаёт туманида «яшил дастур»ни амалга ошириш уч ой ичида бошланиши керак. Уни молиялаштириш умуммиллий экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича Давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган.
2026 йил охирига қадар маҳаллаларга кириш жойларида ҳам кўкаламзорлаштиришнинг фойдаси ва тегишли ҳудудларнинг экологик кўрсаткичлари ҳақида маълумот берувчи баннерлар ҳамда электрон таблолар ўрнатиш режалаштирилган.
Дарахтларни рақамли ҳисобга олиш ва кузги кўчат экиш мавсуми
2027–2036 йилларга мўлжалланган дастур доирасида «Яшил макон» платформасида «Дарахтлар баланси» модулини яратиш кўзда тутилган. Уни 2028 йил январга қадар жорий этиш режалаштирилмоқда. Тизим ҳар бир дарахтнинг жойлашуви, тури, ёши ва ҳолати, суғориш манбаси, шунингдек, уни парвариш қилиш учун масъул шахслар ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш имконини беради.
Пойтахтда дарахт ва буталар экишнинг кузги мавсуми 2026 йил 10 ноябрда бошланади. Ушбу санага қадар шаҳар хизматларига ер майдонларини тайёрлаш, суғориш тизимларини текшириш ва созлаш, тупроққа ишлов бериш ҳамда бошқа зарур агротехник ишларни бажариш топширилган.
1 октябрдан бошлаб эълон қилинган икки ойлик ободонлаштириш тадбири доирасида ҳам алоҳида чоралар кўрилади. Ариқлар, каналлар, кўчалар, жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар атрофини чиқиндилардан тозалаш, шунингдек, мавсумий ёғингарчиликка тайёрлаш мақсадида сув қочириш тизимларини тайёр ҳолатга келтириш талаб этилади.
Бундан ташқари, ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари ҳамда йирик яшил ҳудудларда компост тайёрлаш ва мульчалаш ишларини ташкил этиш режалаштирилган. Пойтахтнинг ҳар бир тумани камида биттадан шох-шаббаларни майдалаш ускунаси билан таъминланиши керак.