Ўзбекистон

ИИВ Ўзбекистонда кибержиноятчилик кўлами ҳақида маълумот берди

ИИВ Ўзбекистонда кибержиноятчилик кўлами ҳақида маълумот берди
ИИВ Ўзбекистонда кибержиноятчилик кўлами ҳақида маълумот берди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги деярли ҳар иккинчи жиноят ахборот технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, кибержиноятларнинг қарийб 90 фоизи трансчегаравий хусусиятга эга ва хориждан туриб содир этилмоқда. Бу ҳақда 7 октябрь куни ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов аҳолига мурожаатида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, статистика ортида минглаб фуқароларнинг меҳнат қилиб топган маблағлари, уларнинг оилалари фаровонлиги ва шахсий хавфсизлиги турибди. Ашрапов кибержиноятчиликка қарши курашиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатларигина етарли эмаслигини таъкидлади.

Вазир ўринбосарининг қайд этишича, фирибгарлар асосан фуқароларнинг ишонувчанлиги, бепарволиги ва рақамли саводхонлигининг етарли эмаслигидан фойдаланмоқда.

У аҳолини киберхавфсизликнинг асосий қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, уларни фарзандлари ва кекса қариндошларига ҳам тушунтиришга чақирди.

Жумладан, фуқароларга ижтимоий тармоқлар орқали келган шубҳали ёки номаълум файлларни, айниқса, APK форматидаги файлларни, ҳатто улар таниш инсондан келган бўлса ҳам, очмаслик ва юклаб олмаслик тавсия этилди.

Шунингдек, давлат органлари ёки бошқа идоралар ходими сифатида ўзини таништириб, код ва пароль сўрайдиган шахсларнинг номаълум рақамлардан қилаётган қўнғироқларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим.

ИИВ қисқа вақт ичида киритилган маблағларни бир неча баравар оширишни ваъда қиладиган онлайн майдонлар ва сохта платформаларга ишонмасликка чақирди. Интернет орқали харидларни амалга оширишда сотувчининг ишончлилиги текширилмагунча олдиндан тўлов қилмаслик тавсия этилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларга банк карталарининг PIN-кодлари ва телефонга келадиган SMS-кодларни бошқа шахсларга айтмаслик зарурлиги эслатилди.

2026 йил Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизимида «Кибержиноятчиликка қарши курашиш йили» деб эълон қилинган. Вазирлик маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 9 мингдан ортиқ кибержиноят фош этилган, 120,49 миллиард сўм миқдоридаги зарар эса 13 мингдан ортиқ фуқарога қоплаб берилган.

Январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уч йил олдин ташкил этилган ИИВ Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси фаолиятида сезиларли натижалар йўқлигини маълум қилган эди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.