Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» чегара божхона пости 2026 йил 25 ноябрь куни расман очилади. Янгиланган пункт орқали фуқароларни ўтказиш соат 16:00 да бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълум қилди.
«Черняевка» номи билан ҳам танилган мазкур ўтказиш пости реконструкция ишлари муносабати билан 2025 йил 5 февралдан ўз фаолиятини тўхтатган эди. Қозоғистон томонида унга «Жибек Жоли» чегара ўтиш пости мос келади.
25 ноябрь куни фуқароларни ўтказиш бошланишидан олдин мазкур пунктда Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокида очилиш маросими ҳамда объектни топширишга бағишланган тадбирлар ўтказилади.
Божхона қўмитаси аниқлик киритишича, фуқаролар янгиланган пост орқали фақат ушбу тадбирлар якунланганидан кейин чегарадан ўтиши мумкин бўлади. Идора фуқароларни сафарларини режалаштиришда чегарадан ўтказиш бошланадиган вақтни инобатга олишга чақирди.
Майдони 2,7 гектар бўлган «Жибек Жоли» пости ҳудудида ҳар бирининг майдони 10 минг квадрат метрни ташкил этувчи иккита йўловчи терминали қурилди. Ўзбекистон томонидаги «Ғишткўприк» пости ҳудуди эса 9 гектарни эгаллайди.
Модернизация ишларидан сўнг иккала чегара ўтиш пости бир суткада 70 минг нафаргача кишига хизмат кўрсата олади. Энг юқори юклама даврларида эса бу кўрсаткич 100 минг нафаргача етади.