Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ёғингарчиликнинг йўқлиги, шамолнинг сустлиги, шунингдек, Қозоғистон ҳудудидан трансчегаравий чанг массаларининг кириб келиши Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатига таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Сўнгги беш кун давомида пойтахтда ёғингарчилик кузатилмаган. Шамол тезлигининг нисбатан пастлиги ва ҳаво алмашинувининг етарли эмаслиги шаҳар атмосферасидаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини қийинлаштирмоқда.
Айни вақтда ҳаво оқимлари Қозоғистон ҳудудидан Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига чанг массаларини олиб кирмоқда.
Ўзгидрометнинг атмосфера ҳавоси сифатини кузатувчи автоматик станциялари маълумотлари ҳам ушбу ҳолатни акс эттирмоқда. Бевосита пойтахт ҳудудида жойлашган станцияларда ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг сезиларли даражада ошиши қайд этилмаган.
Шу билан бирга, чегара ҳудудларидаги станциялар 2026 йил 17–21 ноябрь кунлари PM2.5 ва PM10 чанг заррачалари концентрацияси юқори бўлганини қайд этган.
Энг юқори кўрсаткичлар «София» ва «Green University» чегаравий мониторинг станцияларида кузатилган. Ўзгидромет маълумотларига кўра, бу натижалар чанг массаларининг ташқи ҳудудлардан кириб келаётганини кўрсатади.
Идора ҳаво сифатига таъсир кўрсатувчи маҳаллий омиллар қаторига автотранспорт воситалари, қурилиш майдонлари ва саноат корхоналаридан чиқадиган ташламаларни ҳам киритди.