Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда туристик компания раҳбари тегишли лицензиясиз умра зиёратини ташкил этишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, фирма раҳбари уч нафар фуқарога умра зиёратини амалга ошириш учун сафарни ташкил этиш ва диний маросимларни ўтказиш учун зарур шароитларни таъминлашни таклиф қилган. Ўз хизматлари учун у 3 750 доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида компания раҳбари олдиндан келишилган сумманинг бир қисми — 3 000 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шунга ўхшаш қонунбузарликлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора ариза берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланишини маълум қилди.