Молия

Ўзбекистонда банкларни санация қилишнинг янги тартиби кучга кирди

Ўзбекистонда банкларни санация қилишнинг янги тартиби кучга кирди
Ўзбекистонда банкларни санация қилишнинг янги тартиби кучга кирди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистонда Марказий банк бошқаруви қарори билан тасдиқланган банкларни санация қилишнинг янги тартиби кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.

Банкларни санация қилиш тартиби тўғрисидаги низом 16 ноябрь куни Адлия вазирлигида 3976-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжат молиявий қийинчиликларга дуч келган банкларни молиявий соғломлаштириш тартиб-таомилларини ҳамда уларнинг муҳим хизматлари узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш чораларини белгилайди.

Хусусан, низомда махсус бошқарувчини тайинлаш, муаммоли банкнинг активлари ва мажбуриятларини бошқа кредит ташкилотига ўтказиш, зарурат туғилганда эса ўткинчи банк ташкил этиш тартиблари тартибга солинган.

Шунингдек, ҳужжат банкнинг молиявий ҳолатини тиклаш тартибини белгилайди ҳамда санация жараёнида омонатчилар ва кредиторларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини назарда тутади.

Янги механизм банкларда молиявий қийинчиликлар юзага келган тақдирда муҳим банк хизматлари узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш, омонатчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Санация — молиявий қийинчиликларга дуч келган банк фаолиятини тиклаш ёки унинг муҳим хизматлари узлуксиз кўрсатилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.