7
Молия

Ўзбекистон молия сектори ислоҳотлари бўйича йўл харитасини тайёрламоқда

Ўзбекистон молия сектори ислоҳотлари бўйича йўл харитасини тайёрламоқда
Ўзбекистон молия сектори ислоҳотлари бўйича йўл харитасини тайёрламоқда / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2025 йилда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан мамлакат молия секторида ўтказилган илк баҳолаш натижалари бўйича тавсияларни амалга ошириш юзасидан яқин вақт ичида йўл харитасини тасдиқлаши мумкин.

Бу ҳақда ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе Марказий банкда жамғарманинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодий прогнози тақдимотида маълум қилди.

Гвенетадзенинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) биринчи марта ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, ХВЖ ва Жаҳон банки молия тизимини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар тайёрлаган.

«Жаҳон банки ва ХВЖ 2025 йилда Ўзбекистон учун молия секторини баҳолаш дастурини биринчи марта ўтказди ва унинг натижалари бўйича бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди», — деди жамғарма вакили.

Унинг тушунтиришича, FSAP молия секторининг жорий ҳолатини комплекс баҳолаш, эришилган натижалар, ҳал этилмаган вазифалар ва мавжуд камчиликларни аниқлаш имконини беради.

Гвенетадзе тавсияларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси яқин вақт ичида тасдиқланишига умид билдирди.

«Биз FSAP бўйича йўл харитаси жуда яқин вақт ичида қабул қилинишидан умидвормиз. Бу Ўзбекистонга сармоя киритишни истаган инвесторлар учун ҳам яхши сигнал бўлади. Улар мамлакат молия секторидаги ислоҳотларни қандай давом эттиришни режалаштираётганини кўришлари мумкин», — деди у.

ХВЖнинг техник кўмаги

Жамғарма вакили, шунингдек, ХВЖ Ўзбекистонга иқтисодий сиёсат ва давлат бошқарувининг турли йўналишлари бўйича кўрсатаётган техник ёрдам ҳақида ҳам маълумот берди.

Улар қаторига солиқ маъмурчилиги ва сиёсати, давлат молиясини бошқариш, пул-кредит ва макропруденциал сиёсат, Марказий банк операциялари, миллий ҳисоблар ва нархлар статистикаси, шунингдек, молиявий назорат ва тартибга солиш соҳалари киради.

Гвенетадзе жамғарма фаолияти фақат кредитлар ажратиш билан чекланмаслигини таъкидлади.

«Одатда, одамлар ХВЖ ҳақида эшитганда, уни жуда қатъий шартлар асосида кредитлар берадиган ташкилот деб ўйлашади... Бироқ шу билан бирга, жамғарма жуда катта ҳажмда техник ёрдам ҳам кўрсатади», — деди у.

Минтақа давлатлари учун Кавказ ва Марказий Осиё бўйича техник ёрдам минтақавий маркази (CCAMTAC) ҳам фаолият юритади.

Марказ экспертлари бевосита минтақа мамлакатларида иш олиб боради ёки давлат органлари вакилларини маслаҳат ва ўқув машғулотлари учун қабул қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.