7
Молия

ХВЖ Ўзбекистонда ёшлар учун кўпроқ иш ўринлари яратишга чақирди

ХВЖ Ўзбекистонда ёшлар учун кўпроқ иш ўринлари яратишга чақирди
ХВЖ Ўзбекистонда ёшлар учун кўпроқ иш ўринлари яратишга чақирди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон юқори иқтисодий ўсиш суръатларини аҳоли фаровонлигини ошириш ва ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратишга йўналтириши зарур. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе маълум қилди.

У Марказий банкда ХВЖнинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодий прогнозининг тақдимотида сўзга чиқди.

Гвенетадзенинг таъкидлашича, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси пасаймоқда, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) эса ўсиб бормоқда. Бироқ, унинг фикрича, нафақат иқтисодий кўрсаткичларни, балки уларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини ҳам баҳолаш муҳим.

«Бу жараёнларни кузатар эканмиз, улар аҳоли ҳаётида қандай акс этаётганини ҳам тушунишни истаймиз. Кўриб турибсизки, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси пасаймоқда. Менимча, қарор қабул қилувчилар ҳам айнан шу натижани кўришни хоҳлайди», — деди жамғарма вакили.

У иқтисодий ўсиш инклюзив бўлиши ва фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланишига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Гвенетадзе иқтисодий ривожланишдан кутилаётган натижани «Ўзбекистон фуқароларининг фаровонлигига айланиши» сифатида ифодалади.

ХВЖ меҳнат бозори ислоҳотларини таркибий ўзгаришларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрмоқда. Жамғарма, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида аҳамият бермоқда.

«Биласизки, Ўзбекистон аҳолиси ёшлардан иборат. Ёшларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ниҳоятда муҳим», — деди Гвенетадзе.

Иқтисодий ўсишнинг янги модели ҳақида гапирар экан, у мутахассислар тайёрлаш жараёнини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан мувофиқлаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, таълим муассасалари қанча талаба тайёрлаётгани, битирувчилар қайси касбларни эгаллаётгани ва бу мутахассисликларга меҳнат бозорида талаб қанчалик юқори эканини ҳисобга олиш муҳим. Таълим сифати ҳам шунчалик аҳамиятли омил бўлиб қолмоқда.

ХВЖнинг минтақавий ҳисоботида инсон капиталини ривожлантириш билан экспортни диверсификация қилиш ўртасидаги боғлиқлик ҳам кўрсатилган.

Жамғарма баҳоларига кўра, таълим харажатларининг оширилиши ва меҳнат бозори мослашувчанлигининг кучайтирилиши экспорт таркибини кенгайтиришга ёрдам беради.

Шу билан бирга, тадқиқотга кўра, экспорт субсидиялари ва саноат сиёсати шунга ўхшаш натижани деярли таъминламайди.

Гвенетадзенинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб қолмоқда, мамлакатнинг ривожланиш истиқболлари эса ижобий.

Шу билан бирга, мамлакат учун иқтисодий ўсиш натижаларини аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тақсимлаш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

«Ҳозир Ўзбекистон учун ушбу ижобий натижаларни фуқаролар фаровонлигига айлантириш, иқтисодиётни янада рақобатбардош қилиш ҳамда иқтисодиёт ёш ва ўсиб бораётган аҳоли учун кўпроқ иш ўринлари яратишини таъминлаш муҳим», — деди у.

ХВЖ иқлим сиёсатини ҳам ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида қайд этди. Жамғарма давлат молиясини бошқаришда иқлим мақсадларини ҳисобга олиш ва иқлим билан боғлиқ бюджет харажатларини алоҳида белгилашни тавсия қилмоқда.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.