Молия

Ўзбекистонда акциядорлар сони 1,12 миллиондан ошди

Ўзбекистонда акциядорлар сони 1,12 миллиондан ошди
Ўзбекистонда акциядорлар сони 1,12 миллиондан ошди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда акция эгалари сони 1,12 миллион кишига етди. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида жами 277,6 трлн сўмлик акциялар чиқарган 704 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари ҳисобга олинган. Бу ҳақда Марказий депозитарий хабар берди.

Акция эгалари орасида жисмоний шахслар устунлик қилади. Уларнинг сони 1 056 741 нафарни ёки умумий акциядорлар сонининг 94,2 фоизини ташкил этган. Қолган 65 343 нафар акция эгаси, яъни 5,8 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.

Депозитарий миллий ва хорижий валютада чиқарилган корпоратив облигациялар бўйича маълумотларни ҳам тақдим этди.

Миллий валютадаги корпоратив облигациялар чиқарилишининг умумий ҳажми 8,2 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу сегментда 40 та эмитент рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 12 таси акциядорлик жамияти, 28 таси эса масъулияти чекланган жамият ҳисобланади.

Сўмда номиналлаштирилган облигациялар эгалари сони 4 328 нафарга етди. Уларнинг 4 099 нафари жисмоний шахслар, 229 нафари эса юридик шахслардир.

Хорижий валютада чиқарилган корпоратив облигациялар ҳажми 90 млн долларни ташкил этди. Ушбу тоифада тўртта эмитент ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг учтаси акциядорлик жамияти ва биттаси масъулияти чекланган жамиятдир.

Келтирилган кўрсаткичлар 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида акциялар ва корпоратив облигациялар ҳисоби юритилиши ҳолатини акс эттиради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.