Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг жами активлари 1 044,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич бир йилда 20,5 фоизга ошган. 2025 йил 1 октябрь ҳолатида банклар активлари 866,8 трлн сўм даражасида бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.
Давлат улуши бўлмаган банклар активларини энг юқори суръатда оширди. Уларнинг активлари 36,2 фоизга ўсиб, 410 трлн сўмга етди. Давлат улуши мавжуд банкларда эса ўсиш 12,2 фоизни ташкил этиб, активлар 634,9 трлн сўмга етди. Натижада хусусий банклар сегментининг тизим жами активларидаги улуши 34,7 фоиздан 39,2 фоизга кўтарилди.
Балансдаги хорижий валютадаги активлар улуши қисқармоқда. Бир йилда улар атиги 6 фоизга ўсиб, 352,7 трлн сўмга етди. Уларнинг жами активлардаги улуши эса 38,4 фоиздан 33,8 фоизга тушди.
Активларнинг асосий қисмини ҳамон кредитлар ташкил этмоқда. Соф кредит портфели 13,1 фоизга ўсиб, 638,1 трлн сўмга етди. Бироқ унинг активлар таркибидаги улуши 65,1 фоиздан 61,1 фоизга камайди. Бу инвестициялар ва қимматли қоғозларга йўналтирилган маблағларнинг тезроқ ўсиши билан боғлиқ. Бир йилда ушбу йўналишдаги маблағлар 93,4 фоизга кўпайиб, деярли икки баробар ошди ва 155,6 трлн сўмга етди. Натижада мазкур активлар турининг умумий активлардаги улуши 9,3 фоиздан 14,9 фоизга кўтарилди.
Банкларнинг Марказий банкдаги маблағлари 33,7 фоизга ўсиб, 36,2 трлн сўмни ташкил этди. Кассадаги нақд пуллар 11,7 фоизга кўпайиб, 30 трлн сўмга етди. Олиниши лозим бўлган ҳисобланган фоизлар миқдори эса 47,2 фоизга ўсиб, 39,1 трлн сўмни ташкил қилди. Шу билан бирга, норезидент банкларга талаблар 18,8 фоизга қисқариб, 44,9 трлн сўмга, резидент банкларга талаблар эса 3,2 фоизга камайиб, 29,2 трлн сўмга тушди.
Пассивлар таркибида банкларнинг мажбуриятлари 21,1 фоизга ўсиб, 891,9 трлн сўмга етди. Ўз капитали эса 17,3 фоизга кўпайиб, 152,9 трлн сўмни ташкил этди.
Банк тизимида юқори даражадаги концентрация сақланиб қолмоқда. Фаолият юритаётган 35 та тижорат банкидан 12 тасининг активлари 30 трлн сўмдан ошади.
Ушбу 12 та банк жами 821,9 трлн сўмлик активларга эга бўлиб, бу тизимдаги барча активларнинг 78,7 фоизини ташкил этади. Яна 11 та банкнинг активлари 10 трлн сўмдан 30 трлн сўмгача бўлиб, уларнинг жами активлари 181,5 трлн сўмга тенг. Олти банкнинг активлари 3 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлиб, жами 34,2 трлн сўмни ташкил қилади.
Активлари 3 трлн сўмгача бўлган энг кичик олтита банкнинг жами активлари эса 7,2 трлн сўмга тенг.
Калит сўзлар: