Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий компанияларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео тизимлар ёрдамида ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этиш ҳуқуқи берилади.
Тегишли ўзгартиришлар Ҳукуматнинг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарори билан тасдиқланган ҳужжатга киритилди.
Ўзбекистонда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини автоматик қайд этиш воситалари аввалдан қўлланиб келинмоқда. Хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни аниқлаш учун бундай тизимлар 2023 йил октябрь ойида ишлатила бошланган.
2022 йил май ойидан амал қилаётган Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳаракат бошланишидан олдин хавфсизлик камарини тақиши шарт. Бироқ, орадан тўрт ярим йил ўтган бўлса-да, қонунчиликда хавфсизлик камарини тақмаган йўловчилар учун жарима ҳануз назарда тутилмаган.
Орқа ўриндиқдаги йўловчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиши, шунингдек, етти ёшга тўлмаган болалар учун махсус автокреслолар ва 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун ушлаб турувчи мосламалардан фойдаланиш тавсиявий хусусиятга эга.
Янги техник талабларга кўра, қоидабузарликларни автоматик қайд этиш тизимлари белгиланган стандартларга мувофиқ бўлиши керак. Ускуналар қайд этилган ҳар бир қоидабузарлик ҳақидаги маълумотларни «Маъмурий амалиёт» модулига юбориши шарт. Юбориладиган маълумотлар қаторига қурилманинг метрологик текширувдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва амал қилиш муддати, қоидабузарлик содир этилган сана ва вақт, шунингдек, ҳодиса жойининг аниқ координаталари киради.
Бундан ташқари, электр таъминотида узилишлар юз берган тақдирда тизимларни камида саккиз соат давомида ишлатиш имконини берадиган захира электр манбаи билан жиҳозлаш талаб этилади.
Қоидабузарликни қайд этиш жараёнида олинган фотосуратлар юқори сифатли бўлиши керак. Уларда ҳайдовчининг юзини аниқ кўриш ва унинг хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмаганини аниқлаш имкони бўлиши лозим.