Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик теннисчи Камилла Раҳимова Токиода ўтказилаётган Toray Pan Pacific Open турнирининг ярим финалига йўл олди. У чорак финал учрашувида Австралия вакили Майя Жойнтни мағлуб этди.
Учрашув 7:5, 5:7, 6:1 ҳисобида Раҳимованинг ғалабаси билан якунланди.
Ярим финалга чиқиш ўзбекистонлик спортчига рейтинг учун 195 очко ва 66 003 доллар миқдоридаги мукофот пулини кафолатлади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу натижадан сўнг Раҳимова жаҳон рейтингида 45-ўринга кўтарилиши ва илк бор кучли 50 теннисчи қаторига кириши мумкин.
Унинг рейтингдаги якуний ўрни расмий рейтинг янгиланганидан кейин маълум бўлади.