Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Грузиянинг Blanco компанияси қоғоз-гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Тегишли келишув 30 октябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаевнинг Blanco бош директори Теймураз Далакишвили билан учрашуви якунлари бўйича имзоланди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистонда целлюлоза асосида қоғоз-гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлди.
Blanco компанияси 2007 йилдан буён Грузия бозорида фаолият юритади ва қоғоз-гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Компания маҳсулотлари ассортименти 100 дан ортиқ турдаги товарларни, жумладан, ҳожатхона қоғози, қоғоз сочиқлар ва салфеткаларни ўз ичига олади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Blanco ўртасида имзоланган келишув узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришни назарда тутади.
Томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни ҳам келишиб олди.