Иқтисод

Тошкент вилояти инвесторлари Беларусда ферма очдилар

Тошкент вилояти инвесторлари Беларусда ферма очдилар
Тошкент вилояти инвесторлари Беларусда ферма очдилар / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларуснинг Минск вилоятидаги Бобрик қишлоғида 27 октябрь куни Тошкент вилояти тадбиркорлари маблағлари ҳисобига ташкил этилган Maraqand Meat компаниясининг чорвачилик мажмуаси очилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Лойиҳага киритилган инвестициялар ҳозирга қадар 25 миллион долларни ташкил этди. Очилиш маросимида Беларусда ишчи ташриф билан бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев иштирок этди.

Компания ихтиёрида 14 минг гектар ер майдони ва наслдор қорамолларни сақлаш ҳамда кўпайтириш учун зарур инфратузилмага эга еттита чорвачилик мажмуаси мавжуд. Корхонада қарийб 70 та махсус техника ҳам бор.

Айни пайтда хўжаликда 4,5 минг бош қорамол парваришланмоқда. Келгуси йил январь ойига қадар чорва моллари сонини 6 минг бошга, май ойига қадар эса 10 минг бошга етказиш режалаштирилган.

Инвесторлар ва Беларуслик ҳамкорлар билан суҳбатда Зоир Мирзаев бундай лойиҳалар икки ҳудуд ўртасида инвестициявий ҳамкорлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини кўрсатишини таъкидлади.

Ҳоким келгусида бундай лойиҳалар кўлами янада кенгайишига ишонч билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.