Ўзбекистон

Тошкентда Лутфий кўчасида ажратилган йўлакларни назорат қилувчи камералар ишга тушди

Тошкентда Лутфий кўчасида ажратилган йўлакларни назорат қилувчи камералар ишга тушди
Тошкентда Лутфий кўчасида ажратилган йўлакларни назорат қилувчи камералар ишга тушди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги Лутфий кўчасида йўл ҳаракати қоидаларининг махсус ажратилган йўлакларда бузилишини қайд этувчи камералар ишга туширилди.

Видеоназорат узунлиги 2,4 километр бўлган йўл қисмини қамраб олади. У жамоат транспорти, велосипедлар ва бошқа индивидуал ҳаракатланиш воситалари учун ажратилган йўлакларда амалга оширилади.

Камералар махсус йўлаклардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган. Жумладан, улар йўлнинг ушбу қисмларида автомобилларнинг белгиланган талабларни бузган ҳолда ҳаракатланиши, тўхташи ва тўхтаб туриш ҳолатларини қайд этади.

Камералар орқали аниқланган тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилиши ҳолатлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жарималар расмийлаштирилади.

Лутфий кўчасида қатнов қисмининг ўнг чети бўйлаб жамоат транспорти учун «А» махсус йўлаги ташкил этилган.

Шунингдек, велосипедлар, электросамокатлар ва бошқа индивидуал ҳаракатланиш воситалари учун алоҳида йўлаклар ҳам назарда тутилган.

Видеоназорат тизими пойтахтда босқичма-босқич жорий этилмоқда. Унинг асосий вазифаси жамоат транспорти учун устуворликни таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва ажратилган йўлаклардан белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланишнинг олдини олишдан иборат.

Ҳайдовчиларга йўл белгилари ва йўл чизиқлари талабларига риоя қилиш, автобуслар учун ажратилган йўлакларни эгалламаслик, шунингдек, велосипедчилар ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари фойдаланувчиларига тўсқинлик қилмаслик зарурлиги эслатилмоқда.

Бундай йўлакларда қолдирилган автомобиллар жамоат транспорти ҳаракатини секинлаштириши ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қўшимча хавфларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.