Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси молиявий жарималарни қўллаш, улар устидан шикоят қилиш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенат кўриб чиқиши учун юборилди.
Қонун лойиҳаси молиявий санкцияларни қўллаш бўйича ягона ва шаффоф қоидаларни белгилаш, шунингдек, уларни ихтиёрий равишда тўлаш ва соддалаштирилган тартибда ундириш механизмларини жорий этишга қаратилган.
Таклиф этилаётган нормаларга кўра, тадбиркорлар санкция қўллаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида жарима суммасининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, унинг қолган қисмини тўлашдан озод этилиши мумкин. Шунингдек, жаримани олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган.
Алоҳида қоидалар молиявий жарима тўғрисидаги қарорлар асосида ундирилган маблағларни қайтаришга тааллуқли. Агар бундай қарор бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ундирилган сумма энг қисқа муддатларда қайтарилиши керак.
Маблағларни қайтариш кечиктирилган тақдирда, тегишли давр учун Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорининг уч юздан бир қисмига тенг фоизлар ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Кутилишича, таклиф этилаётган ўзгартишлар тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиради, ноқонуний ундирилган маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлайди ҳамда асоссиз ёки ҳаддан ташқари молиявий санкциялар қўлланилиши хавфини камайтиради.