7
Иқтисод

АҚШ Марказий Осиёдан Хитой билан алоқаларни чеклашни талаб қилмайди

АҚШ Марказий Осиёдан Хитой билан алоқаларни чеклашни талаб қилмайди
АҚШ Марказий Осиёдан Хитой билан алоқаларни чеклашни талаб қилмайди / Фото: видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан Вашингтон билан муносабатларни ривожлантириш эвазига Хитой билан ҳамкорликни чеклашни талаб қилмайди.

Америка компаниялари минтақа бозорларида рақобатлашиш учун тенг имкониятларга эга бўлиши керак. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандга ташрифи чоғида маълум қилди.

Журналистнинг Хитой таъсири кучайиб бораётган бир шароитда Вашингтон Марказий Осиё мамлакатларига нимани таклиф қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Рубио АҚШ минтақа билан ҳамкорликни, аввало, бошқа давлатларга қарши қарама-қаршилик эмас, балки иқтисодий рақобат сифатида кўришини таъкидлади.

«Гап бу ерга келиб, бошқа биров билан гаплашишни ёки бошқа мамлакат билан ишлашни тўхтатишни талаб қилиш ҳақида эмас. Гап мамлакатлар бизнес учун очиқ бўлган бозорларда Америка компаниялари ҳалол рақобатлашиш имкониятига эга бўлиши ҳақида кетмоқда», — деди давлат котиби.

Рубионинг сўзларига кўра, Ўзбекистон барча мамлакатлар билан муносабатларни сақлаб қолиш ва турли ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. АҚШ ҳам республика билан ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор.

C5+1 форуми доирасида Ўзбекистон ва АҚШ савдо, инвестициялар ва технологиялар соҳаларида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 54 та келишувни имзолади.

Келишувлар транспорт, энергетика, тоғ-кон саноати, молия, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.