Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари Aichi–Nagoya–2026 Параосиё ўйинларида паратэквондо бўйича мусобақаларда учта бронза медалини қўлга киритди. Зуҳриддин Тоҳиров, Камолахон Расулова ва Жавоҳир Алиқулов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Эркаклар ўртасида 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида Зуҳриддин Тоҳиров Қозоғистон вакили устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медали соҳиби бўлди.
Аёллар ўртасида 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида Камолахон Расулова ҳам бронза медалини қўлга киритди. Учинчи ўрин учун кечган ўзбекистонлик спортчилар ўртасидаги баҳсда Расулова Карима Меликузиевадан 2:1 ҳисобида устун келди.
Ўзбекистонга яна бир бронза медалини эркаклар ўртасида 70 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Жавоҳир Алиқулов келтирди. У учинчи ўрин учун баҳсда Таиланд вакили устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.