Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида Хитойнинг China CAMC Engineering Co., Ltd. компанияси билан ҳамкорликда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вилоят делегациясининг компания вакиллари билан музокаралари ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, логистика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Асосий лойиҳалардан бири Хонобод шаҳрида суткасига 100 минг куб метр ичимлик сувини тозалаш қувватига эга иншоот қуриш бўлди. Шунингдек, томонлар Хонобод — Асака магистрал сув қувурини ётқизиш масаласини кўриб чиқди.
Бошқа ташаббуслар қаторида халқаро логистика марказини ташкил этиш ҳамда Андижон шаҳрида оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш ҳам бор.
Мазкур лойиҳаларга йўналтириладиган инвестициялар қиймати техник-иқтисодий тадқиқотлар якунлари бўйича белгиланади.
Учрашув якунида томонлар таклиф этилган ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва келгусидаги шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.