Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 5 октябрь куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар ва ФАО билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорлиги ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, устувор йўналишлардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, юқори динамикани сақлаб қолмоқда.
Шунингдек, мамлакатда аграр соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистоннинг ФАО билан ҳамкорлигини янги мазмун билан янада бойитиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.