Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 20-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунни маъқуллади.
Ҳужжат янгиланган конституциявий нормаларни амалга ошириш ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Қонунни қабул қилиш зарурати, хусусан, мурожаатларни дастлабки кўриб чиқишни тартибга солиш ва Конституциявий суд фаолиятида рақамли технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ мавжуд бўшлиқлар билан изоҳланади.
Асосий янгиликлардан бири суднинг ахборот тизимини жорий этиш бўлади. У мурожаатларни электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини онлайн кўриш, видеоконференцалоқа ва мобил илова орқали уларда иштирок этиш, шунингдек, очиқ мажлисларнинг тўғридан-тўғри интернет трансляцияларини кўриш имконини беради.
Қонунда келиб тушган мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланади. Ушбу жараён учун 15 кун муддат ажратилади. Конституциявий суд ваколатига кирмайдиган мурожаатлар тегишли ваколатли органларга юборилади ёки уларни қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Конституциявий суд қарорларини ижро этиш механизми ҳам алоҳида белгиланади. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат конституцияга зид деб топилса, уни қабул қилган орган ҳужжатни уч ой ичида Конституцияга мувофиқлаштириши шарт.
Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қабул қилинган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби ҳам назарда тутилган.
Конституциявий суднинг кадрлар таркибини такомиллаштириш ва унинг фаолияти холислигини таъминлаш мақсадида Олий судьялар кенгаши билан биргаликда Конституциявий суд судьялари лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар фикрига кўра, янги нормалар фуқаролар ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, суд тизимининг очиқлигини ошириш ҳамда конституциявий одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Конституциявий қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.