Ўзбекистон

PTUда TUMнинг биоинформатика дастурлари жорий этилади

PTUда TUMнинг биоинформатика дастурлари жорий этилади
PTUда TUMнинг биоинформатика дастурлари жорий этилади / Фото: Фармацевтика ва тиббиёт саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика техника университетида (PTU) Мюнхен техника университети (Technical University of Munich, TUM) тажрибаси асосида биоинформатика ва биотиббий муҳандислик бўйича таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика ва тиббиёт саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Агентлик директори Абдулла Азизов TUM вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда томонлар фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида таълим, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича Фармацевтика ва тиббиёт саноатини ривожлантириш агентлиги, PTU ва TUM ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ҳужжат немис университети тажрибасидан фойдаланган ҳолда PTUда «Bioinformatics» ва «Biomedical Engineering» таълим дастурларини жорий этишни назарда тутади.

Янги дастурларни ишга тушириш замонавий фармацевтика ва тиббиёт соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш, халқаро тажрибани таълим жараёнига жорий этиш, шунингдек, PTUнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Учрашув иштирокчилари таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Маълумот учун, TUM халқаро миқёсда тан олинган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Агентлик келтирган маълумотларга кўра, QS World University Rankings 2027 рейтингида университет дунё бўйича 25-ўринни, Европа Иттифоқи ва Германия университетлари орасида эса биринчи ўринни эгаллаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.